Самарқандда етиштирилган балиқ нега Европага экспорт қилинмаяпти?
"Ахир, Европа давлатларида табиий сув ҳавзалари кўп, шунинг учун балиқ мўл. Шу сабабли биздан балиқ харид қилмайди-да", дейишга шошилманг. Бунинг бошқа сабаби бор.
Балиқ кўп енг, кўзингиз равшан бўлади
Балиқ инсон организмини тозаловчи, суяк ва тишларни мустаҳкамловчи парҳезбоп таом. Балиқ гўшти таркибида жуда кўп витамин ва микроэлементлар сақланиши туфайли биологик қиймати ҳам мол ва қўй гўштидан юқори туради.
Балиқ гўшти юрак касалликлари хавфини камайтиради, кўриш қобилиятини яхшилайди, ревматоид артритни енгиллаштиради, холестерин даражасини камайтиради.
Республикамизда балиқчиликни ривожлантириш, аҳоли хонадонларида ҳам балиқ боқишни ташкил этиш учун молиявий рағбатлантиришлар берилмоқда.
Мисол учун, ҳозирда Паст Дарғом туманида 40 дан ортиқ хўжаликда “луқмаи ҳалол” етиштирилмоқда. Жорий йилда улар тасарруфидаги 283 гектардан ортиқ экстенсив, ярим интенсив, табиий сув ҳавзалари, қафас мосламалари, ёпиқ сув айланма тизими (УЗВ), интенсив усулдаги кичик сув ҳавзаларида 2500 тоннадан ортиқ балиқ овланди. Биргина жорий йилда 150 аҳоли хонадонида балиқ боқиш ҳавзалари ташкил этилди ва улар томонидан 330 тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди.
Самарадорлик ортиши технологияга боғлиқми?
Тумандаги “Пўлат балиқ ҳавзаси” кўп тармоқли хусусий балиқчилик кластерида янги технологиялар, хорижий тажрибани жорий қилиш ҳисобига юқори маҳсулдорликка эришилмоқда. Хўжаликда 15 гектар майдондаги ҳавзаларда балиқ боқиш билан бирга Россиядан 460 миллион сўмга ем ишлаб чиқариш ускунаси харид қилинди. Туркия давлатидан жалб этилган 56 минг доллар маблағ ҳисобидан 500 тонналик музлаткич қурилди. “Ипотека банк” вилоят филиалидан олинган кредит маблағи эвазига Хитойдан 975 миллион сўмга оксигенератор ускунаси келтирилиб, балиқ етиштиришда катта маҳсулдорликка эришилди.
- Балиқ боқишда Хитой тажрибасида оксигенератор технологиясидан фойдаланилади, бу ёпиқ сув айланма тизими дейилади, яъни балиқ зич усулда боқилади, ҳовузлар кислород билан таъминланади, - дейди хўжалик иш юритувчиси Умид Облоқулов. – Оддий усулда гектарига 3 тонна балиқ олиш мумкин, бу технологияда шунча майдонда хорижда 100 тоннагача балиқ етиштирилади. Биз ҳозирча 50-60 тоннагача балиқ овладик. Оддий усулда ҳовузга сув кириб, бошқа томондан чиқиб кетса, бу усулда 80 фоизгача сув ҳовузнинг ўзига қуйилади ва кислород билан бойитилиши ҳисобига кўп балиқ олинади.
Иш бошлаган пайтларимизда балиқ чавоқлари Тошкент вилояти Чиноз туманидан келтирган бўлсак, ҳозир балиқчилик инкубациясини ташкил этиб, йилига 500 миллион дона балиқ чавоқларини ўзимиз тайёрлаяпмиз. Эҳтиёждан ортганини бошқа хўжаликларга ҳам етказиб беряпмиз. Ҳозиргача 800 тонна балиқ сотдик, ҳовузларда яна 700 тоннага яқин маҳсулот бор.
Нега балиқ экспорт қилмаймиз?
Ўзимизда боқилаётган балиқларнинг ёғлилик даражаси юқори бўлганлиги учун экспортга талаб юқори эмас. Ўзимиздаги зотлар чатишиб кетганлиги учун яқинда Венгрия давлатидан “Сазан” балиғининг янги зотларини келтирдик, “Мозамбик қора тиляпия” зотлари ҳам ўзимизда кўпайтирилмоқда. Кейинчалик Европа давлатларига экспорт қилиш учун “Фарель” балиғини келтириб, кўпайтириш ниятидамиз. Яна ёпиқ сув айланма тизимига асосан “Фарель”, “Осётр” балиқларини супер интенсив усулда зич ҳолатда боқиш учун тайёрлаяпмиз. Чунки ҳозир маҳалллий хўжаликларда боқилаётган балиқларга халқаро бозорларда талаб йўқ. “Фарель”, “Осётр” каби балиқларга эса Европа бозорларида талаб юқори, лекин кўплаб хўжаликлар бу борада изланиб кўрмаган. Буни ўзимизда ҳам боқиб кўпайтиришнинг имкони бор. Масалан, қўшни Қирғизистонда айнан шундай совуқ сув балиқлари кўп етиштирилиб, Россияга экспорт қилинади. Биз ҳам изланишлар олиб бориб, шу турдаги балиқларни хўжалигимизда боқиб, экспорт қилиш ниятидамиз.
Ўтган йили хўжаликда 800 тонна балиқ етиштирилган бўлса, янги технологиялар жорий этилиши ҳисобига жорий йилда бу кўрсаткич 1500 тоннага етди. Даромад ўтган йили 7,5 миллиард сўм бўлган бўлса, бу йил 10 миллиард сўмдан ортиши кутилмоқда.
Ўктам Худойбердиев.