Балиқчиликка ихтисослашган хўжаликлар қандай фаолият кўрсатяпти?
Вилоят прокуратура органлари томонидан соҳага оид ўрганишларда 34 та интизомий, 11 та маъмурий чора қўлланилиб, қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 16 та жиноят иши қўзғатилган. Нега?
Маълумотга кўра, вилоятда 513 та балиқчилик хўжаликлари мавжуд. Бироқ 428 таси жорий йил давомида банкдан умуман пул маблағлари айланмасини амалга оширмаган.
Бугунги кунда балиқчиликка ихтисослашган хўжаликларнинг солиқдан қарздорлиги 3 миллиард 625 миллион сўмни ташкил қилади.
Бу кўрсаткич Паст Дарғом туманида 1 миллиард 12 миллион сўм, Оқдарёда 654 миллион, Иштихонда 447 миллион, Пайариқда 285 миллион, Жомбойда 277 миллион ва Каттақўрғон туманида 105 миллион сўмни ташкил қилади.
Мавжуд балиқчилик хўжаликларининг 113 тасида умуман иш ўринлари яратилмаган.
Вилоятда қўштирноқ ичидаги уддабурон тадбиркорлар томонидан балиқчилик учун олинган ер майдонларидан карьер сифатида қум-шағал қазиб, даромад қилиш манбаига айлантирилган.
Мисол учун, Оқдарё туманидаги “Ҳайдар Хосият барака” фермер хўжалигига туман ҳокимининг 2018 йил 24 декабрдаги қарори билан балиқчилик йўналишида фаолиятини ташкил қилиш учун 4 гектар ер майдони ажратилган. Аммо бу ер майдонида балиқчилик фаолиятини йўлга қўймасдан, ноқонуний равишда 1 миллиард 590 миллион сўмлик 33 минг метр куб қум-шағал аралашмасини қазиб олиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тумандаги “Янгиобод Шохрух балиқлари” фермер хўжалиги туман ҳокимининг қарори билан ажратилган 10 гектар ер майдонида балиқчилик фаолиятини йўлга қўймаган. Аксинча, мавжуд ер ва у билан чегара ҳудудда жойлашган Зарафшон дарёсининг муҳофаза зонасидан ноқонуний равишда 382 миллион сўмлик 20 минг метр куб қум-шағал аралашмасини қазиб олиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.
Президентнинг тегишли қарорига кўра, сув истеъмолчилари ва туман ирригация бўлимлари ўртасида сув етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома тузилиши лозим. Бироқ Каттақўрғон туманидаги 46 та, Оқдарёдаги 44 та, Пайариқдаги 34 та, Иштихондаги 33 та, Паст Дарғомдаги 29 та, Жомбойдаги 18 та хўжалик сув етказиб бериш бўйича шартнома тузмаган.
Вилоят прокуратураси органлари томонидан соҳага оид ўтказилган назорат тадбирлари якунига кўра, 14 та протест, 8 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, 34 та интизомий, 11 та маъмурий чора қўлланилиб, қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 16 та жиноят иши қўзғатилган.
Ҳолат вилоят ҳокимлигида атрофлича таҳлил қилиниб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилган.