Самарқандда балиқ етиштириш режаси салмоқли. Балиқнинг ўзи-чи?
Жорий йилда Самарқандда мавжуд 545 та балиқчилик хўжалиги томонидан 30 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилган. Бу эса ўтган йилдагига нисбатан 5 минг тонна кўп демакдир.
Бу рақамлар “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси томонидан маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Самарқанд туманига уюштирилган пресс-тур давомида тилга олинди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Қорадарё соҳилида жойлашган “Луқмаи ҳалол” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди.
5 гектар майдонни эгаллаган мазкур хўжалик 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, 2017 йилда “Ипотека банк”дан ажратилган 6 миллиард 200 миллион сўмлик кредит маблағи ҳисобига ҳудуди 10 гектарга кенгайтирилган.
– Натижада бу ерда балиқ етиштириш ҳажми 40 тоннадан 90 тоннага етказилди, - дейди жамият раҳбари ўринбосари Мақсуд Акрамов. – Етиштирилган маҳсулот асосан ички бозорга йўналтирилмоқда.
Шундан сўнг, пресс-тур қатнашчилари “Оқ Амур балиқлари” кўп тармоқли фермер хўжалигида бўлди.
- Шу кунга қадар мамлакатимизда "Карп" балиқларини етиштиришда ерда қурилган ҳавзалардан фойдаланилган, бу ҳавзаларда асосан экстенсив усулда балиқ етиштирилган. Бунда ҳосилдорлик 10-20 центнерни ташкил этган эди, - дейди хўжалик иш бошқарувчиси Осмон Асанов. - Эндиликда аквакультуранинг бошқа соҳалари, жумладан, садоқ балиқчилиги, бассейн – жадал балиқчилиги тармоғи ривожланмоқда. Хўжалигимиз сув ҳавзаларида балиқларни ярим тайёр ҳолга келтириб сақлаш учун 200 тонна сиғимга эга бўлган махсус музлатгич ҳам қурганмиз. Бундан ташқари, ички туризмни ривожлантириш мақсадида балиқ овлашдан тортиб уни таом ҳолатига келтиргунча бўладиган барча жараёнларни сайёҳларнинг бевосита кузатишлари учун имкониятлар яратилган.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Ёрмамат Рустамов.