Самарқандда "Биз гиёҳвандликка қаршимиз!" акцияси ўтказилди (фотожамланма)

Вилоят наркология диспансери, «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлари иттифоқи ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкиллаштирган акцияда кўплаб ёшлар ҳам қатнашишди.

 

 

 

 

Назира БЕГМАТОВА, вилоят наркология диспансери шифокори:

Ҳозирги кунда гиёҳвандлик глобал муаммолардан биридир. Вабо каби салбий баҳоланаётган "оқ ажал" қанчадан-қанча инсонларнинг бахтига, умрига зомин бўлаётгани, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга одатланиш оқибатида ногирон, жисмоний ва ақлий нуқсони бор болалар дунёга келаётгани ачинарлидир. 

Оғунинг қулига айланганларни даволашдан кўра, гиёҳвандликка чалинишнинг олдини олган минг марта афзал. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатидан асраш зарур.

Шу мақсадда вилоят наркология диспансери томонидан "Гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги"да бир қатор тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ хатти-ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибатлари ва гиёҳвандликнинг зарарларини ёритувчи, соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этувчи тарқатма материаллар тайёрланди.

Ўқув муассасалари, корхона-ташкилотларда маданият, спорт, жамият ва дин арбоблари иштирокида соғлом ҳаётни тарғиб этувчи тадбирлар ташкил этилди.