Самарқандда боғдорликка янги қадам: “Боғ куни – 2026”

Самарқанд туманида қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ҳамда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этишга қаратилган “Боғ куни – 2026” ўқув-амалий семинари ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мутахассислари, тумандаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалик ва масъулияти чекланган жамият раҳбар-ходимлари, шунингдек, “SAM AGRO CENTER” корхонасининг туркиялик агрономи ҳамда Туркия давлатининг боғдорчилик йўналиши бўйича бош агрономи иштирок этди.

Семинарда мевазор боғларни самарали парваришлаш, дарахтларни тўғри озиқлантириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда ҳосилдорликни ошириш бўйича муҳим тавсиялар берилди.

Шунингдек, тадбир давомида боғларда учрайдиган замбуруғли касалликларга қарши самарали курашиш, уларнинг олдини олиш ҳамда баҳорги совуқ уриши оқибатларини камайтириш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Семинар доирасида замонавий агротехнологияларни амалиётга жорий этишнинг самарали усуллари ҳақида ҳам кенг қамровли маълумот тақдим этилди. Шу билан бирга, ишлаб чиқарилган илғор препаратлар, уларнинг афзалликлари ва тўғри қўллаш тартиби юзасидан амалий тушунчалар берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар Самарқанд туманидаги “Билол мевазорлари” хўжалигида барпо этилган интенсив олма боғи фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу боғда “Фужи”, “Пинк Леди” ва “Голден” навли олмалар етиштирилмоқда.