Самарқандда божхоначилар касб байрамини ўтказишди

Самарқанд вилоят божхона бошқармасида соҳа ходимларининг касб байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Божхона фахрийлари, шахсий таркиб ҳамда бошқарма ишчи-ходимлари иштирок этган тадбирда Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов барчани байрам билан қутлаб, 2018 йилда божхона органларида бир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилгани, соҳага оид қарор ва фармонлар қабул қилингани, давлатимиз томонидан божхона органларига қаратилган эътибор ва билдирилган ишончга жавобан божхоначилар самарали ва фидокорона хизмати билан муносиб жавоб бериши зарурлиги ҳақида тўхталди.

- Мамлакатимизда божхона тизими моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳани тажрибали ва билимли кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Э.Салихов. -  Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан қўшни давлатлар билан алоқаларимиз мустаҳкамланиб, бир неча йиллардан буён фаолияти тўхтатилган божхона постлари қайтадан ташкил этилмоқда. Хусусан, март ойида Самарқанд вилоятининг қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган “Жартепа” чегара божхона пости фаолияти қайта тикланди. 2018 йилнинг март-декабрь ойларида ушбу пост орқали 600 мингдан ортиқ фуқаро ҳаракатланди. Шунингдек, тадбиркорларнинг вақти ва пул маблағларини тежаш орқали қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида “Зарафшон” ва “Жомбой” темир йўл станцияларининг маъмурий биноларида “Улуғбек” ТИФ божхона постининг “Зарафшон” ва “Жомбой” божхона пунктлари ташкил этилиб, мазкур пунктларини самарали фаолияти йўлга қўйилди.

Тадбирда бир гуруҳ божхона фахрийлари ва ходимларига бошқарманинг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Касб байрами арафасида бошқарма таркибий тузилмалари ўртасида ўтказилган волейбол мусобақаси ғолиб ва совриндорлари ҳам тақдирланди. Уларга диплом, медаль, кубок ва эсдалик совғалари топширилди.

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.