Самарқандда буйрак трансплантациясини амалга ошириш учун 3 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўттиз олтинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган давлат дастурининг ижроси юзасидан масъулларнинг ахбороти эшитилди. 

Ахборотда қайд этилишича, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи томонидан давлат дастурининг ижроси доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Мониторинг натижалари давлат дастуридаги 21 банд бўйича ишлар бажарилганлиги ва бошқа чора-тадбирлар ижро жараёнида эканлигини кўрсатди. 

Давлат дастурида белгиланган эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда эндокринология муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, Самарқанд давлат университети ҳудудида “Ёшлар технопарки” қурилиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Эътиборлиси, дастур ижросига кўра, вилоятда буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш йўлга қўйилди. 

Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг ангиохирургия ва трансплантация бўлими ва унинг операцион блоклари капитал таъмирдан чиқарилди ва буйрак трансплантацияси амалиёти учун керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ангиохирург, уролог, нефролог, анестезиолог-реаниматолог врачлари ва ҳамширалари жорий йил апрель-май ойларида академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси бўйича амалиёт ўтаб келди. 2021 йил 10-12 июнь кунлари Самарқанд вилоятида илк бор уч нафар беморда буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди.

Депутатлар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига буйрак трансплантацияси операцияларини амалга ошириш учун зарур тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетининг иккинчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан 3 миллиард 190 миллион сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.