Самарқандда чет тили фани ўқитувчилари устама учун тест топширди
Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази биносида вилоятдаги чет тили ўқитувчиларининг базавий ойлик маошларига устама белгилаш бўйича тест синовлари бўлиб ўтмоқда.
Тест синовлари 2020 йил 23-24 декабрь кунларига режалаштирилган бўлиб, 2 навбатда ўтказилади. Бугун 1-навбатда 90 нафардан 83 нафар ўқитувчи имтиҳонга қатнашди. Улардан 1 нафари телефондан фойдалангани учун тест синовида четлатилди.
2-навбатда тест синовларига 90 нафардан 86 нафар талабгор иштирок этди.
Тест синовлари босқичма-босқич бўлиб, унда тестни тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар бўлимларининг ҳар биридан камида максимал баллнинг 50 фоизини (15 балл) йиққан ўқитувчиларнинг ёзма иши, ёзиш бўлимидан камида максимал баллнинг 60 фоизини (18 балл) йиққанларнинг гапириш кўникмаси текширилади. Гапириш кўникмасидан камида максимал баллнинг 60 фоизини (18 балл) йиққан ўқитувчилар тест синовларидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.
Ҳар бир бўлимда максимал 30 балл олиниши керак. Жами максимал балл - 150 баллни ташкил этади.
Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими.