Самарқандда электр ва газ таъминоти: Оғир вазиятдан чиқиш чоралари кўрилмоқда
Қишнинг илк кунларида ёққан қалин қор ва ҳавонинг совиб кетиши энергия ресурсларига эҳтиёжни кескин оширди. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти вилоят ҳудудий филиали ходимлари ҳам туну кун жойларда содир бўлаётган аварияли ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Бунинг учун вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда 24 та авария бригадалари ташкил этилиб, юздан зиёд мутахассислар, махсус техника сафарбар қилинди.
- Республикамизга кириб келган совуқ ҳаво оқими туфайли магистраль газ тармоқларида табиий газ босимининг кескин пасайиши кузатилиб, иссиқлик электр станцияларига кам миқдорда газ етиб бориши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми тушиб кетди, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти вилоят ҳудудий филиали директори Файзулла Қурбонов. - Оқибатда юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида авариялар вужудга келишининг олдини олиш мақсадида электр таъминотида чекловлар киритилмоқда.
Сўнгги уч кун ичида 1154 қисқа рақами орқали навбатчи диспетчерлик хизматига вилоят бўйича авариявий ҳолатлар бўйича 2050 та мурожаат келиб тушган.
Сўнгги икки кунда 23 та трансформатор пунктида носозлик кузатилиб, 22 таси тўлиқ бартараф этилди.
Табиий газ босимининг меъёрдан пастлиги сабабли Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида, шунингдек, Пайариқ, Ургут, Оқдарё, Жомбой туманларида табиий газда узилишлар кузатилмоқда.
“Самарқандҳудудгаз” газ таъминоти филиалига қарашли 6 та ва хусусий 2 та газ тўлдириш шохобчаларидан 85 та махсус автомашиналар ёрдамида аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилмоқда.
- Газ тўлдириш шохобчаларимиздан кунига 232 тоннадан зиёд суюлтирилган газ тарқатяпмиз, - дейди филиалнинг суюлтирилган газ билан ишлаш бўлими бошлиғи Хуршид Мелиев. – Бу одатдаги кунларга нисбатан бир неча баробар зиёд ҳисобланади.
Филиалнинг барча шаҳар ва туманлардаги бўлимларида мувофиқлаштирувчи штаблар тузилган ва 24 соатлик навбатчилик ташкил этилган. Ҳозиргача истеъмолчилардан келиб тушган 100 дан зиёд мурожаатларни бартараф этиш бўйича авария бригадалари томонидан тезкор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.