Самарқандда ҳам трамвай ва троллейбус транспорти ривожлантирилади
Вазирлар Маҳкамаси «Трамвай ва троллейбус транспортида йўловчиларни ташиш тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди.
Унга кўра, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида трамвай ҳамда троллейбусда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланади, йўловчиларни ташишда замонавий ахборот технологиялар жорий этилади.
Қарорда трамвай ва троллейбус транспорти фаолияти самарадорлигини ошириш ва унинг тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
➖жамоат транспорти инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда ҳаракат таркибини босқичма-босқич янгилаш;
➖хорижий тажриба асосида замонавий шаҳар жамоат транспортини бошқариш тизимларини такомиллаштириш;
➖республикада «яшил транспорт» тизими улушини кўпайтириш орқали самарали ва экологик тоза ➖транспорт турларига босқичма-босқич ўтиш;
➖ривожланган давлатлар ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, жараёнларни рақамли бошқариш тизимини жорий этиш;
➖соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг малака ва кўникмасини ошириш бўйича етакчи хорижий таълим ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
➖замонавий билимга эга профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш орқали соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш.
➖2024 йил 1 январдан бошлаб трамвай ҳамда троллейбусда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.
Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Транспорт вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 июнга қадар йўловчилар учун қулай электрон тўловларни оммалаштириш мақсадида трамвай ва троллейбус транспортида электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифларни халқ депутатлари Кенгаши муҳокамасидан ўтказиб, жорий этилишини таъминлайди.
Транспорт вазирлигига электр транспортни ривожлантириш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юкланади:
➖жамоат транспортида электр транспорти улушини оширган ҳолда, аҳоли учун қулай бўлган янги йўналишлар тармоғини ишлаб чиқиш;
➖жамоат транспортида электр транспорти инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш;
➖электр транспортида тариф сиёсати, ставкалар ва йиғимлар масалаларини тартибга солишда иштирок этиш.
Транспорт вазирлиги бир ой муддатда вазирлик марказий аппаратида белгиланган штат бирлиги доирасида трамвай ва троллейбус транспортини ўз ичига олган «яшил транспорт»ни ривожлантириш учун масъул бўлган бўлинма ташкил этади.
Транспорт вазирлиги Тошкент давлат транспорт университети билан биргаликда уч ой муддатда трамвай ва троллейбус транспортига техник хизмат кўрсатиш ва уларни жорий таъмирлаш бўйича малакали кадрлар ҳамда трамвай ва троллейбус ҳайдовчиларини тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқади ва ходимлар малакасини ошириш курсларини ташкил этади.