Самарқандда илк бор чиқиндиларни сақлаш учун ер ости мажмуаси ташкил этилди

Мажмуа икки контейнердан иборат бўлиб, умумий сиғими 1,1 минг литрни ташкил этади. У чиқиндиларнинг тарқалиб кетиши ва нохуш ҳидларнинг олдини олишга мўлжалланган.

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси томонидан аҳолидан тўпланадиган маиший чиқиндиларнинг атрофга сочилиб кетмаслиги, иссиқ кунларда турли нохуш ҳидларнинг тарқалишининг олдини олиш ҳамда фуқароларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида республикада илк бор Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида жойлашган "Обод маскан" маҳалласида иккита ярим ер ости чиқинди сақловчи махсус қутилар мажмуаси ишга туширилди.

Мазкур ер ости чиқинди сақлаш мажмуаси 2 метр чуқурликда жойлаштирилган бўлиб, уларнинг ҳар бирига 2 тадан, жами 4 та махсус контейнер ўрнатилган.

Контейнерларнинг ҳар бири 3 метр куб, яъни 550 литр сиғимга эга бўлиб, 1000–1500 нафар аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Келгусида ҳудудда шундай типдаги яна 5 та ер ости мажмуасини қуриш режалаштирилган.

Маҳалла аҳолисининг таъкидлашича, энди ҳудудда чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларга ташланиши, шамол ёки уй ҳайвонлари сабабли ерга сочилиб ётиши ҳолатларининг олди олинади.