Қачон чиқиндидан пул топишни ўрганамиз?
Кейинги йилларда маиший чиқиндиларни ташиб кетиш муаммоси долзарб бўлиб боряпти.
Президентимизнинг 2020 йил 29 сентябрдаги "Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилиши чиқинди ташишдаги муаммолар бартараф этилишига ёрдам бермоқда. Жумладан, давлат-хусусий шерикчилик асосида иш олиб бораётган Нуробод туманидаги "Голд Маржонабегим" МЧЖ, Пайариқ туманида "Шоҳимардон Асқаров" оилавий корхонаси, Каттақўрғон шаҳрида "Каттақўрғон обод сервис" МЧЖ санитар тозалаш корхоналари томонидан кунига 500 тоннадан зиёд маиший ва қаттиқ чиқиндилар олиб чиқиляпти.
Бироқ ҳамма туманларда ҳам иш кўнгилдагидек ташкил этилган деб бўлмайди. Вилоятимизнинг 8 туманида "Тоза ҳудуд" ДУКнинг филиалларини тугатиш ишлари якунига етгани йўқ. Вилоят ҳокимининг топшириғига асосан улар ҳам икки ой ичида тугатилиб, тендер асосида тадбиркорларга ўтказилиши керак. Жумладан, Жомбой туманида ҳам "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси туман филиали тадбиркорлар қўлига ўтгани йўқ.
- Соҳани давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга топшириш мақсадида тендер ўтказиш учун эълон берганмиз, - дейди Жомбой тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Шерзод Сувонов. – Ҳозиргача 10 нафарга яқин тадбиркор тендерда қатнашиш истагини билдирган. Аризаларни ўрганиб чиқишда уларнинг мазкур соҳада тажрибаси, жамоа билан ишлаш кўникмаси, шунингдек, техникалари бор-йўқлигини аниқлаяпмиз. Ҳозирча “Тоза ҳудуд” ДУК туман бўлими хизматидан фойдаланиб келяпмиз.
Бугунги кунда мазкур корхонада 60 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Улар 20 га яқин махсус техникалар ёрдамида кунига 70-80 тонна қаттиқ ва маиший чиқиндиларни ташиб чиқаришади.
Тумандаги 38 маҳалланинг 30 тасида яшовчи 30 минг истеъмолчи билан чиқиндиларни ташиб кетиш учун шартномалар тузилган, - дейди “Тоза ҳудуд” ДУК туман бўлими бошлиғи Бахтиёр Ражабов. – Бир ҳафта давомида барча маҳаллаларни айланиб, чиқиндиларни полигонга чиқариб ташлаймиз. Айрим олис маҳаллаларга ҳафтасига 2 кун боришимизга тўғри келади. Бироқ чекка ҳудудлардаги Ногаҳон, Олмазор, Полвонариқ, Тўққизбой, Қўнғирот каби 8 та маҳалла билан шартнома туза олмадик. Сабаби, махсус техника ва ишчи етишмайди. Тан олиш керак, айрим техникаларимизга ёқилғи ҳамда зарур бутловчи қисмларда узилиш бўлиб туради.
Корхонада пуллик хизмат ҳам йўлга қўйилган. Суюқ чиқиндиларни ташиш хизматида ойига 10 миллион сўмгача фойда олинмоқда. 20 нафар назоратчи томонидан кунига 10 миллион сўмдан зиёд тўлов йиғилмоқда. Аммо корхонанинг давлатдан 2 миллиард 530 миллион сўм қарзи бўлгани ҳолда уни тўлаш анча мураккаб бўлмоқда. Апрель ойи режаси 274 миллион сўм бўлса-да, назоратчилар томонидан 256 миллион сўм пул териб олинди. Бу қарзни қоплаб, яна самарали хизмат кўрсатиш учун корхонага яна қанча йил керак бўлар экан-а?
- Тумандаги 800 дан зиёд корхона ва ташкилотнинг 667 таси билан шартнома тузилган, - дейди корхона бош муҳандиси Нурилла Исломов. – Туман ҳудудида 140 та махсус қути ўрнатилган, Тошкент ва Шодлик маҳаллаларида эса чиқинди йиғиш шохобчалари ташкил этилган. Барча ижтимоий соҳа объектларида ҳам чиқинди қутилар қўйилган.
Яқиндан бошлаб туман марказидан анча олисда бўлган Найман қишлоғига ҳам ҳафтасига бир маротаба “Тоза ҳудуд” махсус машиналари қатнай бошлади. Кўчама-кўча айланиб, сигнал усулида ишлаётган юк машиналари ҳар сафар 12 тоннадан зиёд қаттиқ ва маиший чиқиндиларни олиб чиқа бошлади.
- Маҳалламизда махсус чиқиндихона йўқлиги сабабли ҳар бир хонадон чиқиндисини бир жойга тўплаб, ёқиб юборар ёки дала ёқасига, ариқ ва зовурларга ташлаб юборарди, - дейди найманлик Содиқ Раҳимов. - Натижада қишлоғимиз экологияси бузилиб, атроф-муҳит ифлосланиб қолди. Ўтган йили маҳалла раиси қишлоғимиз фаоллари билан маслаҳатлашиб, “Тоза ҳудуд” машиналарини ҳам маҳалламиз кўчаларини айланиб, чиқиндиларни ташиб чиқариш имкониятини ўрганиб, шартнома тузишга қарор қилди. Энди бирорта бурчакда чиқинди уюмини кўрмайсиз. Машиналар ҳар ҳафта сешанба куни келиб чиқиндиларни олиб кетади.
Туманда 7 гектар жойни эгаллаган чиқинди полигонига кунига 26 та машина ёрдамида 80 тоннага яқин маиший ва қаттиқ чиқинди келиб тушади. Бироқ уларнинг барчаси рекультивация, яъни зарарсизлантирилиб, кўмиб юборилади. Чиқинди саралайдиган ишчилар йўқ. Тўғрида, бўлганда ҳам қаерга олиб борарди? Чунки туманда давлат-хусусий шериклик асосида ишлайдиган тадбиркорлар йўқ. Қоғоз, металл, пластмасса каби зарур бўлган чиқиндиларни қайта ишлайдиган кичик корхоналар ташкил этилмаган.
Хуллас, Жомбой туманида ҳам чиқиндиларни ташиб чиқариш ва уларни саралайдиган тадбиркорлик субъектларига муҳтожлик сезилмоқда. Бунинг учун тендер танловлари ўтказилиб, тадбиркорларни аниқлаб кластерларни ташкил этиш зарур.
Дилмурод Тўхтаeв.