Самарқандда илк бор ўқувчи-қизлар ўртасида ўтказиладиган саммит дастури аниқ бўлди

Жорий йилнинг 23-26 март кунлари Самарқанд шаҳрида илк бор “Қизларжон” ўқувчи-қизлар саммити бўлиб ўтиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабар тарқалди.  Республика бўйича ҳар бир ҳудуддан 10 нафардан 14-18 ёшдаги 8-11 синф ўқувчи-қизлар иштирок этадиган ушбу Саммит дастуридан қандай тадбирлар ўрин олган?

- Ушбу саммитда иштирок этувчи ўқувчи-қизлар суҳбат асосида ижтимоий жараёнлардаги фаоллиги, Ватани тарихи ва бугуни ҳақида маълумотга эгалиги, хорижий тилларни мукаммал билиши, лидерлик кўникмалари шаклланганлиги, таълим, ижтимоий соҳалардаги хориж тажрибаси билан танишлиги, танқидий ва таҳлилий тафаккурининг ривожланганлиги инобатга олинган ҳолда сараланади, - дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Гулмира Салимова. -  Ўқувчи-қизлар саммит доирасида билим-кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган турли маҳорат дарслари, тадбирлар ва TED-Ed клубларини ташкил этиш ва юритиш сирлари, Soft skills кўникмалари, Замонавий АКТ имкониятлари ва уларни ҳаётга тадбиқ этиш усуллари, Инновацион менежмент, маркетинг ва PR орқали инвестицияларни жалб этиш каби мавзулардаги тренингларда иштирок этади. Ўқувчи қизлар жамоаси вилоятдаги ҳар бир туманга бориб, у ерда дублёр сифатида иштирок этади. Яъни бир кун давомида тумандаги хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасини ўрганади, ўзи ҳам шу жараёнда иштирок этади. Шунингдек, анжуман давомида қизлар Олий Мажлис спикерлари билан учрашади, олий таълим муассасасида кириш имтиҳонларини топширади, Самарқанддаги ишлаб чиқариш корхоналари, тарихий обидаларга саёҳат, кўнгилочар концерт дастурлари намойиш этилиши ҳам кўзда тутилган.

       Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур саммит ўқувчи-қизларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, шунингдек миллий урф-одат ва анъаналар руҳида тарбиялаш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, илғор тажрибаларини оммалаштириш ва қўллаб-қувватлаш каби мақсадларни кўзлаган ҳолда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилади.