Самарқандда илк оилавий болалар уйи очилди

Бугун эрта тонгни 1-сон Меҳрибонлик уйида тарбия топаётган болалар ўзгача ҳаяжон билан қарши олди. Самарқанд вилоятида илк бор оилавий болалар уйининг очилиши бўлиб ўтди.

Эзгу ишга қўл урган Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Найман массиви Нурафшон кўчасида истиқомат қилаётган Рахимовлар оиласи ўзининг “Оилавий болалар уйи”ни очиб, 4 нафар қиз ва 1 нафар ўғил болани оила бағрига қабул қилиб олишди. Шунингдек, Қорасув массиви Баҳодир Ялангтўш МФЙ 96-уйда истиқомат қилувчи Усмоновлар оиласи ҳам 5 нафар қизларни ўз оиласи бағрига қабул қилишди.

Оилавий болалар уйларининг тантанали очилиш маросимида Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи полковник Л.Яхшиликов сўзга чиқиб, хонадон эгаларига ўз миннатдорлигини билдирди.

Тадбир давомида оилавий болалар уйи эгаларига Миллий гвардия ва ҳокимликнинг эсдалик совғалари топширилди ва яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Раҳимовлар оиласи вакили Раҳимова Марҳабо ва Усмоновлар оиласидан Усмонова Иродалар 1-сон Меҳрибонлик уйи тарбиячилари саналиб, уларнинг ташаббуси ва болага бўлган чексиз меҳри сабаб, ўз хонадонларида мазкур оилавий болалар уйи фаолиятини йўлга қўйди.

Уларнинг хонадонлари керакли барча жиҳозлар билан таъминланиб, болажонларга қулай шарт-шароитлар яратиб берилди. Келгусида вилоятимизда бу каби оилавий болалар уйидан яна 4 таси очилиши режалаштирилган.