Самарқандда «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусига бағишланган Глобал форум бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТнинг Бош Ассамблеяси 76-сессияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясидаги ташаббусларига биноан, 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида гибрид форматда «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум бўлиб ўтади.

Форумнинг асосий мақсади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилиш, бу соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимотини ташкил этиш, халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги 51/2 резолюциясига мувофиқ, Глобал форум доирасида 2030 йилгача кун тартиби ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия бўйича бошқа тегишли ташаббуслар билан уйғунлашувни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи учун мақсадли секторлар, асосий соҳалар ва мавзули масалалар юзасидан таклифлар муҳокама қилинади.

Глобал форум халқаро экспертлар, мутахассислар, давлат органлари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, юқори лавозимли шахслар иштирокида очилиш, ёпилиш маросими, ялпи ва параллель сессияларни ўз ичига олади.

Ялпи ва параллель сессиялар давомида модераторлар мақсадли мунозаралар ташкил этиш, тингловчиларни фаол жалб қилиш, иложи борича ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, муҳокама қилинадиган турли мавзуларга оид тегишли саволлар билан муҳокамаларни ташкил этишда катта роль ўйнайди.

Мунозаралар давомида барча даражаларда, жумладан, илғор тажрибалар ва олинган сабоқлар, шунингдек, мавжуд материаллар, муассасалар ва дастурлар ҳақида маълумотни аниқлаштириш, тўплаш ва тарқатиш орқали маълумот алмашиш имконияти мавжуд бўлади.

Глобал форумда халқаро, минтақавий ва миллий миқёсда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ва 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибининг 4.7-вазифасига мувофиқ келгуси йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбияни миллий даражада амалга оширишни янада фаоллаштириш режалаштирилган.

«Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форум дастури доирасида 2 та ялпи мажлис ўтказилиши режалаштирилган.

Биринчи ялпи мажлисда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия Декларацияси: ютуқлар ва замонавий хавфлар, ушбу мажлис доирасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия Декларациясини амалга оширилишининг бориши, инсон ҳуқуқлари бўйича сифатли таълимга эришиш мақсадида тамойиллар ва ёндашувлар, шунингдек, дунёнинг турли бурчакларида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги технологик ривожланиш ва замонавий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ютуқлар, олинган сабоқлар ва хулосалар муҳокама қилинади.

Иккинчи ялпи мажлисда халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилади ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Анжуманнинг иккинчи кунида «Инсон ҳуқуқлари бўйича маҳорат дарслари» ўтказилиши режалаштирилган. Унда дунёнинг турли университетларининг инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи профессор-ўқитувчилари Ўзбекистоннинг юридик олий таълим муассасаларида (Тошкент, Самарқанд, Нукус ва бошқалар) инсон ҳуқуқлари фанидан дарс бериш бўйича «маҳорат дарслари» ўтказадилар. Ушбу «маҳорат дарслари»га кириш ҳам офлайн, ҳам онлайн форматда иштирокчилар учун тақдим этилади.

Форум иштирокчиларини онлайн рўйхатдан ўтиши www.asianforum.uz сайти орқали амалга оширилади.