Самарқандда иқтидорли ёшлар вилоят ҳокимлигининг “Олтин захираси”га киритилган, бугун уларнинг таклиф ва муаммолари тингланди

Вилоятда ўтган йили ҳокимлик ташаббуси билан ўзига хос ташаббус илгари сурилганди: “Самарқанд келажак жавоҳирлари” клуби ташкил этилиб, олийгоҳлар билан ҳамкорликда қизиқишига қараб 331 нафар билимли ва иқтидорли битирувчилар жалб этилган. Шундан сўнг улар ҳокимлик “Олтин захираси”га олинган.
Ҳозирги вақтда бу ёшлар вилоят, шаҳар ва туманларда турли ташкилотларда самарали ишламоқда. Бу йил ҳам мазкур амалиёт давом эттирилиб, клубга вилоятдаги барча олий таълим муассасаларидан 517 нафар иқтидорли ва билимли ёшлар жалб қилинди. Энди уларни ҳам ишга жойлаштириш, самарали меҳнатига қараб муносибларини босқичма-босқич лавозимларга кўтариб бориш тизимли равишда давом эттирилади.
Бугунги учрашувда Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Беҳзод Раҳматуллаев, олий таълим муассасалари ректорлари ва мутасаддилар улар билан суҳбатлашиб, таклиф ва муаммоларини эшитди.
Суҳбат давомида мазкур ёшларнинг фаолиятига доимий кўмаклашиш, мавжуд муаммоларининг ечими муҳокама қилинди.
Учрашувда ёшлар ўзларини қийнаётган муаммо ва таклифларини билдирди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 55-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Мурод Қўшаев “Ёш ижодкорлар” мактаби очишда амалий ёрдам сўради. Унинг бу таклифига Ф.Тошев мақсад ва қилинадиган ишлар аниқ бўлса, ёш, иқтидорли ижодкорлар доим қўллаб-қувватланишини билдирди.