Самарқандда ишлаб чиқарилган автобуслар Бишкек кўчаларида қатнай бошлади

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автобусларининг биринчи партияси Қирғизистон пойтахтига етказиб берилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Бишкек шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бактибек Кудайбергенов Қирғизистоннинг «Кабар» давлат ахборот агентлигига Ўзбекистондан шу кунлари жами 50 та автобус олиб келиниши кутилаётганини маълум қилган.

«Ҳозир Ўзбекистон ишлаб чиқарилган “ISUZU” русумидаги 21 та автобус олиб келинди. Қолган 29 та автобус бир ҳафта давомида келтирилади. Бу автобуслар пойтахт тадбиркорлари томонидан олиб келинмоқда. Лойиҳа Қирғизистон инвестиция вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилганини таъкидлашни истардим», деган Б.Кудайбергенов «Кабар» ААга берган интервьюсида. У шунингдек, бу автобуслар жуда қулай ва замонавий эканини билдирган.

«Автобуслар пойтахт марказига хизмат кўрсатадиган йўналишларга қўйилиши режалаштирилган. Шу тариқа шаҳарнинг марказий кўчаларидаги қатновларда енгиллик яратилади», дейди Бишкек ҳокими вазифасини бажарувчи.