Самарқандда кунига 500 тонна қувватга эга чиқиндиларни саралаш станцияси қурилади

Туркиянинг “MT Makina” компанияси билан шу каби бир нечта лойиҳалар режалаштирилмоқда. 2026-2027 йилларга мўлжалланган лойиҳаларнинг қиймати 10 миллион доллар бўлиши айтилмоқда.

Бу ҳақда Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг Туркия Республикасига расмий ташрифи доирасида қатор келишувлар олиб бориляпти. Хусусан, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги делегацияси Туркиянинг “МТ Макина” компанияси билан чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларни бошқариш йўналишида ускуналар ишлаб чиқариш, саралаш ҳамда қайта ишлаш объектларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Унга кўра Самарқанд вилоятида умумий қиймати 10 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Асосий лойиҳалар 2026-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, кунига 500 тонна қувватга эга чиқиндиларни саралаш станциясини қуриш ҳамда йилига 1000 дона махсус техника ва контейнер ишлаб чиқарувчи заводни маҳаллийлаштириш кўзланмоқда.

Ушбу лойиҳалар натижасида 100 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳанинг умумий фаолият юритиш муддати 20 йил этиб белгиланади.

Маълумотларга кўра, “МТ Макина” 20 йиллик тажрибага эга бўлиб, чиқиндиларни бошқаришда замонавий технологик ечимларни таклиф этади.