Самарқандда ўқишга киритишни ваъда қилган қаллоблар қўлга олинди
Жомбой туманида яшовчи фуқарони Самарқанд ветеринария медицинаси институтига пул эвазига олиб кирмоқчи бўлган шахс ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ушланган.
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилоятидан рўйхатдан ўтган “Kesh turon Centr-C” МЧЖ раҳбари С.С. Жомбой туманида яшовчи У.Ш.ни Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг магистратурасига ўқишга киритиб қўйиш учун 17 минг АҚШ доллари олаётган вақтида қўлга олинган.
***
Самарқанд шаҳридаги “Ибн Сино” номидаги жамоат саломатлиги техникуми девонхона инспектори маҳаллий фуқарони мазкур техникумга ўқишга киритиш учун 800 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ вилоят ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармалари ҳамкорлигида ўтказган тезкор тадбир давомида “Ибн Сино” номидаги жамоат саломатлиги техникуми девонхона инспектори С.О. Булунғур туманида яшовчи фуқаро У.М.дан келишилган пулнинг 700 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.
***
Самарқанд давлат чет тиллар институти инглиз тили II факультети ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари институтнинг 2-курс талабасини оралиқ имтиҳонлардан ўтишида кўмаклашиш ва талабалар сафидан четлатмаслик эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ вилоят ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида декан ўринбосари И.С. талабадан келишилган пулнинг 550 АҚШ долларини хизмат хонасида олаётган вақтида қўлга олинган.