Самарқандда Ўзбекистон-Туркия иккинчи таълим форуми бўлиб ўтмоқда
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Туркия иккинчи таълим форуми ўз ишини бошлади. Уни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари, Олий таълим кенгаши раиси Одил Абдураҳмонов, Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар ва Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар очиб беришди.
- Ўзбекистон-Туркия иккинчи таълим форуми мамлакатларимиз ва турк давлатлари ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб умид қиламан, - деди Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар. - Ўтган йили Олий таълим кенгаши раислигимиз координациясида Туркия-Ўзбекистон олий таълим муассасалари форумининг биринчисини Измирда ўтказган эдик. Бу йил форумнинг иккинчиси умум цивилизациямизнинг қадимий шаҳри Самарқандда ташкил этмоқдамиз. Туркия ва Ўзбекистон университетлари иштирокида юқори савияда ўтказган мазкур олий таълим форуми мустаҳкам тарихий ришталарга эга икки қардош мамлакат олий таълим муассасалари, илмий ходимлари ва халқлари учун ниҳоятда муҳим, деб ўйлайман.
2001 йилдан бери олий таълимда Болония жараёнига аъзо бўлган Туркия рўйхатдан ўтган талаба сони бўйича Европа олий таълим ҳудудида биринчи ўринни эгаллайди, талабалар сони 7 миллиондан ошади. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, биз дунёдаги энг кўп халқаро талабалар сони бўлган 10 та давлат қаторига кирдик, университетларимизда 194 мамлакатдан 340 мингдан ортиқ халқаро талабалар таҳсил олмоқда.
Бугунги тадбирда Туркия олий таълим кенгаши раҳбарияти, 40 дан ортиқ Туркиянинг нуфузли олийгоҳлари ректор ва проректорлари ҳамда 50 дан ортиқ Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этмоқда.
Форумда икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида халқаро ҳамкорлик битимлари, англашинув меморандумлари имзоланиши кутилмоқда.