Самарқандда ЎзЛиДеПнинг “Аёллар қаноти” фаоллари эъзозланди

Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келган. Шу боис бежиз дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишланмаган.

Баҳорнинг илк байрами - 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ЎзЛиДеП Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан ташкил этилган байрам тадбирида ҳам аёллар улуғланди.

Тадбирда ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаол аёллари, партия фахрийлар кенгашлари фахрий аёллари, партия депутатлари, бошланғич ташкилоти раислари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда хотин-қизларнинг ҳам меҳнати эътиборга лойиқ эканлиги, давлатимиз томонидан уларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганлиги, шу билан бирга оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз яшаётган аёлларга ҳам доим эътибор бериб келинаётганлиги айтилди.

Байрам тадбирида хотин-қизларга партия вилоят Кенгаши томонидан эсдалик совғалари тарқатилди. Шунингдек, партия фаол аёллари, фахрийлари бир дастурхон атрофида ўтириб, бугунги тинчлик-осойишталик, эркин ва фаровон ҳаётга шукрона келтирди.

Жаҳонгир Хўжамқулов,

ЎзЛиДеП Самарқанд вилояти Кенгаши бўлим мудири.