Самарқандда психологлар форуми ўтказилди
«Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида «Психологик инновацион ғоялар» мавзусида психологлар форуми бўлиб ўтди.
Форум психология соҳасига янги кириб келаётган ёш кадрларга йўл харитасини белгилаб бериш ҳамда уларни психология ривожи учун амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилиш, вилоят психологларининг ўзаро тажриба алмашишига шароит яратиш мақсадида ташкил этилди. Унда мутахассислар томонидан носоғлом муҳитда тарбия топаётган болаларнинг ота-оналари билан ишлаш, педагогик фаолиятда конфлектнинг келиб чиқиши ва уни бошқариш, вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш каби мавзуларда маърузалар ўқилди.
- 2018 йилдан бошлаб ишлаб чиқилган таълим соҳасига тегишли барча қарорларда психологик хизматнинг муҳим вазифаларининг акс этиши ушбу соҳага қаратилаётган эътиборнинг юқори эканлигининг ифодаси, - дейди Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш психологик-педагогик республика ташхис маркази директори Лиля Гайнуддинова. – Таълим муассасларида психолог штати сонини ҳамда уларнинг ойлик маошини ошириш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 823-сонли қарорига асосан илғор тажрибага эга, фаолияти давомида юқори натижаларга эришган психологларга директорлар жамғармасидан 20 фоизгача устамалар берилиши белгиланган. Биз психологларнинг малака ошириш тизимини ривожлантириш орқали халқаро тоифадаги мустахассислар тайёрлашни режалаштирганмиз.
Тадбир доирасида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан амалга оширилган ишлари тўғрисида видеороликлар, миллий куй-қўшиқ ва рақслар намойиш этилди.
Соҳада фаоллик кўрсатган психологлар тақдирланди.
Жасурбек Шукуров.