Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда қачон ноқонуний қурилишларга барҳам берилади? Қачон соҳада коррупциянинг олди олинади?

Бу саволларга Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармасида бошқарма, туман ва шаҳардаги ҳудудий бўлимлари раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида видеоконференсалоқа тарзида ўтказилган йиғилишда жавоб берилди.

Афсуски, кўрилаётган чораларга қарамасдан айрим ҳолларда коррупция билан боғлиқ ҳолат учраб турибди. Хусусан, 20 январь куни Ургут тумани ҳокимлигининг қурилиш ишларига масъул ходимларининг коррупцион ҳолатга йўл қўйганлиги бу борада янада жиддий чораларни кўриш лозимлигини кўрсатиб турибди.

– Мамлакатимизда коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди бош бошқарма бошлиғи Лазиз Ҳамидов. - Бироқ тизимда коррупцион ҳолатлар мавжуд. Соҳадаги коррупция ҳолатини бартараф этиш мақсадида аниқ белгиланган тартибда ишлашимиз, ҳар бир ходимнинг хатти-ҳаракатига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. 

Йиғилишда шаҳар ва туманлардаги ноқонуний қурилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, амалдаги қонунчилик ва қурилиш нормаларига риоя қилмасдан ноқонуний қурилишлар амалга оширилаётганлиги танқид қилинди. Тегишли ҳужжатларсиз қурилиш ишларини олиб бораётган қурилиш объектларида ишларни тўхтатиш вазифаси топширилди. Бу борада ҳар бир туман ва шаҳар қурилиш бўлимлари қисқа муддатда ўрганиш олиб бориб, нонуний қурилиш қилаётганларнинг рўйхатини шакллантириб, бу борада бош бошқармага маълумот тақдим этиладиган бўлди.

– Жиззахдаги қурилиш билан боғлиқ ҳолат барчамизга “мактаб” бўлиши керак, - деди Л.Ҳамидов. – Ҳозирдан ноқонуний қурилишларга чек қўймасак, эртага кўнгилсиз ҳолат бизда бўлмайди, дейиш ноўрин. Шу сабабли бугундан бунга жиддий эътибор қаратиб, ноқонуний қурилаётган объектлардаги қурилиш ишларини тўхтатиш шарт.

Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармаси ахборот хизмати.