Самарқандда қанча ишчи легаллаштирилди?

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни жараёнда “конверт” усулида ҳақ тўлаш, ишчи-ходимлар сонини яшириш ҳолатларига барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўловчиларни тўлиқ қамраб олиш ва солиқ солиш базасини кенгайтириш мақсадида норасмий ишлаётган ходимларни қонунийлаштириш (легаллаштириш) борасида жорий йилнинг ўтган даврида 12 079 корхона томонидан 52 665 нафар ишчи-ходим тегишли буйруқлар асосида расмийлаштирилди. Бунинг натижасида бюджетга қўшимча 3,4 миллиард сўм солиқ ҳисобланди.

Хўш, легаллаштирилган ишчи-ходимлар қайси йўналишлардаги корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда? Жумладан, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 4 239, ишлаб чиқаришга ихтисослашган хўжалик юритувчи субъектларда 7 727, қурилиш корхоналарида 5 086 нафар ходим расмийлаштирилди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа корхоналарда 35 613 нафар ишчи-ходим расмийлаштирилганини қайд этиш лозим.

Самарқанд шаҳридаги қурилиш соҳасида фаолият олиб борувчи “Anvar Zamon Nur” масъулияти чекланган жамияти ўз ҳисоботларида 12 нафар ишчини кўрсатиб келган. Мазкур корхона қўшимча яна 22 нафар ишчини рўйхатдан ўтказди. “Radjabov Farid Stroy” масъулияти чекланган жамияти эса қўшимча 16 нафар ишчини расмийлаштирди. Бундан ташқари, транспорт хизмати кўрсатувчи “Yasmira” масъулияти чекланган жамиятида 12 нафар ишчи рўйхатга олдирилди.

Энг муҳими, ушбу жараёнда бюджетга қўшимча маблағ ундирилиши баробарида ишчи-ходимнинг келгусидаги кафолатланган пенсиясини олиши таъминланади.

Умид АЛИМОВ,

Самарқанд вилояти давлат

солиқ бошқармаси

Ахборот хизмати ходими.