Самарқандда қанча хотин-қиз иш билан таъминланади?

2020 йилда Самарқанд вилоятида 37 558 нафар хотин-қиз иш билан таъминланиши режалаштирилган. Вилоят бандлик бош бошқармаси берган маълумотларга кўра, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 2680 нафар, субсидия ажратиш орқали 520 нафар, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича 2569 нафар хотин-қиз жалб қилиниши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан ташкил этиладиган иш ўринларига 3600 нафар, “Ўзипаксаноат” уюшмаси томонидан ташкил этиладиган иш ўринларига 24 675 нафар, мақсадли жамғармалар орқали 279 нафар хотин-қиз иш билан таъминланади. Бундан ташқари, вақтинчалик ўзини ўзи банд қилганларга меҳнат гувоҳномалари расмийлаштирилади.

Фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Каттақўрғон қурилиш ва саноат касб-ҳунар коллежи ҳамда Боғишамол саноат касб-ҳунар коллежлари вилоят бандлик бош бошқармаси тасарруфига ўтказилди. Айни пайтда ушбу коллежларга ўқишга қабул қилиш ишлари бошланган.

Каттақўрғон қурилиш ва саноат касб-ҳунар коллежида 14 йўналишда 3 ойдан, 6 ойгача ўқув курслари мавжуд бўлиб, жами 975 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган. Коллежда хотин-қизлар учун тикувчилик, сартарошлик ва декоратив косметика устаси, ошпазлик курслари мавжуд.

Боғишамол саноат касб-ҳунар коллежида эса 5 йўналишда 300 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади. Коллежда хотин-қизлар учун тикувчилик, IT (компьютер) бўйича мутахассислик курслари бор. Шунингдек, коллежга ҳужжат топширганлар сонига қараб, февраль ойидан ўқиш бошланади.