Самарқандда қидирувдаги шахслар қўлга олинди

Самарқанд вилояти ҳудудида давом этаётган “Ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ойлиги” тезкор профилактик тадбирлари давомида 1 февралдан 10 февралга қадар 4 нафар жиноят содир этиб, қидирувда бўлган шахслар ушланди ҳамда 8 нафар бедарак йўқолган шахслар топилди.

Тезкор профилактик тадбирлар доирасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан қидирилаётган шахс, 1972 йилда туғилган Р.Ш. Пахтачи туман ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан ушланди.

Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан қидирилаётган шахс, 1981 йилда туғилган А.Ғ. Тошкент вилояти “Қоплонбек” чегара постида Оқдарё тумани ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноят кодексининг 160-моддаси 1-қисми билан қидирилаётган шахс, 1971 йилда туғилган О.Ф. вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Тожикистон Республикаси чегара постидан ўтаётган вақтида “Жартепа” чегара постида ушланди.

Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани суди томонидан қидирувда бўлган, 1970 йилда туғилган С.О. Самарқанд вилояти ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан Самарқанд шаҳар аэропорти ҳудудида қўлга туширилди.

“Ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ойлиги” тезкор профилактик тадбирлари давом этмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.