Самарқандда республикада илк бор ўтказилган “Чет тиллари форуми” якунланди


“Ўзбекистон ёшлари форуми-2021” доирасида 18-20 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида республикада биринчи марта хорижий тилларни ўрганишни тарғиб этиш бўйича “Чет тиллари форуми” бўлиб ўтди.

Унда хорижий тилларни ўрганувчилар учун “Cambridge English” имтиҳонлари, ёшларнинг чет тилларини билиш кўникмаларини шакллантириш ҳақида сўз юритилди.

- Ёшлар ўртасида чет тилларини тарғиб қилиш орқали уларнинг компетенциявий кўникмаларини шакллантириш ва хориж тажрибалари асосида ўқитиш форумнинг асосий шиори бўлди, - дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳом Тўхтасинов. – Шунингдек, форумнинг аҳамиятли томони, вилоят ва республика ёшлари орасида чет тилини мукаммал билган ва фан-техника йўналишида хориж тажрибасини юртимизда амалга ошира оладиган лидер ёшларни саралашда ёрдам беради.

Уч кун давом этган форумда иштирокчилар беш йўналиш бўйича чет тилларини ўрганиш учун янги қўлланма ва тақдимотларда иштирок этди. Шунингдек, билимларини синовдан ўтказиб, Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишди.

Форум доирасида ташкил этилган лойиҳа ва танловлар ғолибларига Ёшлар ишлари агентлигининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.