Самарқандда сайловга тайёргарлик жараёнлари кузатилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Самарқанд вилоятида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб Марказий сайлов комиссияси раиси Самарқанд шаҳридаги 73-сайлов участкасида комиссия аъзолари ва сайловчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Комиссия аъзолари билан суҳбатлашди.
1073 нафар сайловчи овоз берадиган мазкур участкада айни пайтда сайловга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Участкада сайловга оид маълумотлар, депутатликка номзодлар таржимаи ҳоли ва дастури жойлаштирилган, барча зарур жиҳозлар етказиб берилган.
Шундан сўнг З.Низомхўжаев Самарқанд шаҳридаги участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ташкил этилган семинарда қатнашди. Ўқув семинар иштирокчиларига бу йилги сайловларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тушунча берди. Янгиланган Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган кучли парламентаризм ва маҳаллий вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилганини қайд этди. Шунингдек, сиёсий жараёнлар иштирокчилари учун жорий қилинган “E-saylov” ахборот тизими, унинг афзалликларига тўхталди.
Марказий сайлов комиссияси раиси Самарқанд вилоят ҳудудий сайлов комиссияси фаолияти билан ҳам танишиб, комиссия аъзолари билан мулоқот қилди.
Суҳбат давомида бу йил парламент қуйи палатасига илк бор аралаш сайлов тизими асосида сайлов ўтказилаётгани, сайловга оид қонунчилик такомилаштирилгани ва бунинг самаралари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, сайлов кампанияси ҳал қилувчи паллага кираётгани қайд этилиб, 16 октябрдан бошланадиган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларини қонунчиликда белгиланган талаблар асосида ташкил этиш ва ўтказиш, сайловчилар рўйхатларни эълон қилиш ва бошқа муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари сайлов кампанияси жараёнларидан келиб чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази