Самарқандда солиқ идорасининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди
Суд “SAMARKAND BUSINESS” МЧЖ га (номи ўзгартирилган)145,4 млн. сўм қўшимча қиймат солиғи нотўғри ҳисоблангани ҳақида қарор қабул қилди. Бунга Бизнес-омбудсман девонининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари томонидан тадбиркор манфаатини кўзлаб киритилган даъво сабаб бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили девони етакчи инспектори Шавкат Ҳамдамовнинг билдиришича, жорий йилнинг ўтган даврида Бизнес-омбудсман девонининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимларига 500 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 170 га яқини қаноатлантирилиб, 270 га яқин мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида уларда келтирилган важларни чуқур ўрганиш ва имкон қадар қаноатлантиришга, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга асосий эътибор қаратилмоқда.
Мисол учун, “SAMARKAND BUSINESS” МЧЖнинг (номи ўзгартирилган) вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган камерал солиқ текшируви натижаларидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Унга кўра, солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида корхонага қўшимча 145,4 млн. сўм қўшимча қиймат солиғи ҳисоблаш бўйича қарор қабул қилинган.
Табиийки, жамият мутасаддилари бу қарордан норози бўлан. Бироқ бу инобатга олинмай масала солиқ идораси томонидан мустақил ҳал қилинган.
Ваҳоланки, Солиқ кодексининг 14-моддасида кўрсатилган ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Шунга кўра, Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасининг “SAMARKAND BUSINESS” МЧЖга нисбатан “Камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича” чиқарган қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан Самарқанд туманлараро маъмурий судига ариза киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ, солиқ идорасининг ноқонуний қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.