Самарқандда сув танқислиги сезилмоқда
Жорий йил суғориш мавсумида Зарафшон дарёсининг сув таъминоти меъёрдан 80-85 фоиз ёки 240-250 метр куб/секунд бўлиши прогноз қилинган. Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз тўртинчи сессиясида “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Ф.Ражабов маълум қилди.
Шунингдек, суғориш мавсумида сув таъминоти ўртача 65-67 фоизни ёки 185-190 метр куб/секундни ташкил қилмоқда. Бунинг натижасида туманларга лимитда белгиланган 676,1 миллион метр куб ўрнига 602,5 миллион метр куб ёки 2020 йилдагидан 104,5 миллион метр куб кам сув етказиб берилди. Ушбу сув миқдори билан 357 минг 893 гектар майдонда суғориш тадбирлари амалга оширилди.
Бугунги кун сувдан самарали фойдаланишни талаб қилмоқда. Шунга кўра 89 миллион метр куб сув ресурслари иқтисод қилишга эришилган. Жумладан:
- сув объектларида сувни тўғри бошқариш, суғоришни мувофиқлаштириш, навбатлаб суғориш ва агротехник тадбирлар ҳисобидан 29,4 миллион метр куб;
- ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция тадбирлари ҳисобидан 23,2 миллион метр куб;
- 34 минг гектар сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ҳисобидан 29,1 миллион метр куб;
- Сувни кам талаб қиладиган экинлар жойлаштириш ҳисобидан 1,2 миллион метр куб;
- Ерларни лазерли текислагич орқали текислаш ҳисобидан 1.35 миллион метр куб;
- Зовур тармоқларига дизел насослари ўрнатилиб, зовурлардан қўшимча сув олиш ҳисобига 4,75 миллион метр куб.