Самарқандда танловсиз ишга қабул қилинган 11 нафар шахс лавозимдан озод этилди, тегишли мутасаддиларга чора кўрилди
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (АРГОС) томонидан давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатли орган сифатида Қўшработ тумани ҳокимлиги ҳамда вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармасида давлат фуқаролик хизматига кириш бўйича танловлар жараёнини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказилган.
Мониторинг давомида ушбу ташкилотларда давлат фуқаролик хизмати соҳасида қатор қонунбузилишлар аниқланган. Хусусан, Қўшработ тумани ҳокимининг тегишли қарорлари билан “Шова”, “Навкат”, “Қувкалла”, “Чиммос”, “Минишкор”, “Янгиқишлоқ” маҳаллалари ҳоким ёрдамчиси лавозимлари очиқ танловга чиқарилган бўлишига қарамасдан, танлов ғолиби аниқлангунга қадар “вазифасини бажарувчи” этиб ходимлар тайинланганлиги маълум бўлган. Худди шундай ҳолат қишлоқ хўжалиги бошқармасида ҳам (5 нафар ходим танловсиз ишга қабул қилинган) аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотларга Тақдимнома киритилиб, танловсиз ишга қабул қилинган ходимларнинг барчаси эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Аниқланган камчиликлар бўйича ҳар икки ташкилотлар кадрлар бўлинмаси раҳбарларига тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилган.