Самарқандда уй-жой қурилиши ҳажми ортади, шаҳар кенгаяди

Ўтган ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда амалга оширилаётган ишлар билан бирга, галдаги вазифалар, шу жумладан, вилоятлардаги режалар хусусида фикр алмашинди.
“За линия” замонавий шаҳарча бўлади
Самарқанд шаҳаридаги вокзалорти, яъни халқ тилида “За линия” деб ном олган, бир томони темир йўл, иккинчи томони Сиёб ариғига туташ, атрофи жарликлардан иборат бу манзил йиллар давомида эътибордан четда қолган. Бу масканда бир замонлар жазодан қочганлар, жамиятда ўрин топа олмаганлар яшаган.
Эски, вақтинчалик савдо дўконларини ҳисобга олмаса, бу ҳудудда хизмат кўрсатиш шохобчалари йўқ, жамоат транспорти қатнови яхши йўлга қўйилмаган. Тўғри, мавзедаги йўлларга асфальт ётқизилди, мактаб, болалар боғчалари таъмирланди, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Бироқ ўз вақтида уй-жойларнинг тартибсиз, жар ёқаларига, ҳатто ноқонуний қурилгани, айни пайтда бу камчиликларни бартараф этиш учун маҳалла фаолларининг ҳаракати кўнгилдагидек натижа бермаяпти. Умумфойдаланишдаги ҳовлиларда ўзбошимчалик билан қурилган хонадонлар йўлларни ёпиб қўйган.
Шу сабабли бу мавзеда 16-20 минг аҳоли яшайдиган шаҳарча қуриш лойиҳаси тузиляпти. Президент Самарқандга ташрифи чоғида, танишиб ўз тавсияларини беришини айтган ушбу лойиҳада, энг аввало, 30 га яқин кўп қаватли уй, мактаб, маҳалла маркази, болалар боғчаси, истироҳат боғи, спорт ва савдо мажмуалари, бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади. Жар ёқасидаги уйлар ичкарига олиниб, сайр қилиш майдончалари барпо этилади. Ўзбеккенти қишлоғи орқали Зарафшон дарёсидаги корхоналардан шағал ташувчи оғир юк машиналарига алоҳида йўл очилади. Қорасув массивидан шаҳарга кирувчи йўл шу мавзе орқали ўтади, канализация тармоғи тортилади.
Кўҳна кент энига ҳам, бўйига ҳам ўсади
Самарқанд шаҳридаги бугунги уй-жой салоҳияти ва инфратузилма 600 мингдан ошган аҳоли эҳтиёжини қондира олмайди. Шу боис, шаҳарни Паст Дарғом, Нуробод, Самарқанд туманлари томон кенгайтириш, янги мавзелар, “йўлдош шаҳарчалар” барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу йўналиш вилоят учун яна бир ўсиш нуқтаси бўлиши, минглаб иш ўринлари яратилишини давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида таъкидлади.
Негаки, вилоятда 120 та норуда конлар мавжуд бўлиб, улардан 33 таси саноат йўли билан ўзлаштиришга жалб қилинмаган. Мисол учун, 5,1 миллион куб метр керамзит ва пардозбоп тошлар, 200 минг тонна ферро-силицийни саноат усулида қайта ишлаш имконияти бор.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда мутасаддиларга мавжуд конларнинг муҳандислик инфратузилма таъминотини ўрганиб, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда шунингдек, саноати орқада бўлган туманларни ривожлантириш, “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Нуробод туманидаги қисмини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Иш ҳам, ишлаб чиқариш ҳам ортади
Пандемияга қарамасдан бугун вилоятдаги қурилиш корхоналарининг барчаси ишга туширилган. 318 та қиймати 865,4 миллиард сўмлик ижтимоий соҳа ва инфраструктура объектларида 10,5 минг нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда.
Дарвоқе, соҳада мавжуд корхоналарнинг 47 таси 25, 107 таси 50, 80 таси 75 ва 119 таси юз фоиз қувватда ишламоқда. Уларни тўла қувватда ишлатиш учун 220 та қурилиш материаллари корхоналарида маҳсулот тайёрлаш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Сўнгги икки йилда ушбу йўналишдаги бунёдкорлик учун зарур маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар сонини 300 дан ошириш режалаштирилган. Бу борада йил якунигача 71 та янги корхона ишга туширилиши кўзда тутилган.
Соҳадаги ишлар кўламини кенгайтириш, айниқса, тизимда банд бўлганлар сонини ошириш мақсадида шаҳар ва туманларда қўшимча тарзда ажратилган 264,7 миллиард сўм маблағ эвазига 92 та объектда қурилиш ишлари амалга оширилади. Яъни, давлат дастури доирасида белгиланганига қўшимча тарзида 22 та мактаб, 6 та МТТ, 1 та спорт, 4 та ичимлик суви, 49 та автомобиль йўли, 10 та ирригация объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Ёқубжон МАРҚАЕВ,
«Зарафшон» мухбири.