Самарқандда халқаро фан олимпиадаси қандай ўтказилади?

Ҳар бир иштирокчи давлатдан 6 нафар – физика ва астрономия фанларидан 3 нафардан ўқувчи қатнашиши белгиланган. Олимпиада назарий ҳамда экспериментал босқичда ўтказилиб, материаллар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган. Қатнашчилар ўзлари хоҳлаган тилларда синовдан ўтадилар.

Ўқувчилар билими дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларининг профессор-ўқитувчилари, юртимизнинг тажрибали олимлари, амалиётчи ўқитувчилардан иборат ҳакамлар томонидан баҳоланади.

Ғолиблар ва совриндорлар ташкилий қўмита томонидан олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади. Ўзбекистондан қатнашган халқаро олимпиада ғолиблари эса олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади.

Шунингдек, танлов давомида иштирокчиларга юртимизнинг туризм салоҳияти намойиш этилиб, Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар уюштирилади, турли маъанавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Ушбу халқаро олимпиада тарихимизнинг янги саҳифаси бўлиб, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Қолаверса, бундай танлов ўқувчиларимизда халқаро олимпиадаларда муваффақиятли қатнашиш кўникмасини мустаҳкамлаб, уларнинг халқаро даражада истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш, ёшларнинг физика ва астрономия фанларини чуқур ўрганишга қизиқишини оширишга хизмат қилади.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.