Самарқандда халқаро йога куни нишонланди

21 июнь – Халқаро йога куни бутун дунёда кенг нишонланди. Шу

муносабат билан Самарқанддаги Боқий шаҳар мажмуасида ҳам тўққизинчи халқаро йога фестивали ўтказилди.

Тошкент ва Самарқанд вилоятларида видеомулоқот орқали ўтказилган оммавий спорт байрамида Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат йога машқларининг мазмун-моҳияти ва инсон саломатлиги учун фойдали жиҳатларига тўхталиб ўтди.

- Йога халқларнинг глобал тинчлиги, тараққиёти ва фаровонлиги учун йўл очади, - дейди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Ражеев Госвами. -  Ҳар бир инсон руҳий хотиржам, доимо соғлом бўлишни истайди, йога машғулотолари танани жисмоний, маънавий, ақлий, руҳий жиҳатдан чиниқтириш, ҳар хил дардларга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади. Оҳиста бажарилган ранг-баранг ҳаракатлар қон айланиши, нафас олиш, ҳаракат таянч аъзоларини бенуқсон бўлишини таъминлайди.

Фестиваль давомида иштирокчилар ҳиндистонлик мураббийи билан биргаликда йоганинг тана ва руҳиятга фойдали жиҳатларини ўзида мужассам этган турли машқларни бажардилар.