Самарқандда ёпилган боғчалар ҳақида муносабат билдирилди
Zarnews.uz сайтида эълон қилинган “Самарқандда бир неча боғча ёпилган. Нега?” сарлавҳали мақолада қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилаётганлиги, яроқсиз ҳолатга келганлиги туфайли берилган ваколатли органлар хулосаси ва бошқа сабабларга кўра ёпилган боғчалар санаб ўтилган эди.
Унда яроқсиз ҳолатга келган мактабгача таълим ташкилотлари биносини қайта қуриш учун инвестиция дастурига таклиф берилмаганлиги, талабга жавоб бермайдиган боғча ошхонаси ёки ҳожатхонасини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қайта қуриш мумкинлиги қайд этилиб, “... масъуллар бунинг ҳам чорасини кўрмаган” дея танқид қилинган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самараларини беряпти.
Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2018 йилда Самарқанд вилоятида 556 та давлат ва 8 та нодавлат МТТ (мактабгача таълим ташкилоти)лари мавжуд бўлиб, вилоятдаги жами 3-7 ёшли 305 068 нафар болаларнинг 63 621 нафари (20, 9 фоизни) қамраб олинган.
2023 йилга келиб, вилоятда ДМТТ (давлат мактабгача таълим ташкилотлари) сони 749 тага, нодавлат МТТлар сони 68 тага, ДХШ (давлат-хусусий шериклик) асосидаги МТТлар сони 131 тага, оилавий МТТлар 3 133 тага кўпайиб, жами боғчалар сони 4 075 тага етказилган. Уларда 356 760 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 251 133 нафари тарбияланмоқда. Натижада қамров даражаси 70,4 фоизга етказилган.
Шундан кўриниб турибдики, ўтган 6 йил давомида вилоятда янги 193 та ДМТТлари, 54 та нодавлат (хусусий), 131 та ДХШ ва 3 133 та оилавий боғчалар ташкил этилган ва қисқа муддатда қўшимча 49,5 фоиз 3-7 ёшли болалар мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинишига эришилган.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўзида янгидан 364 та (14 та давлат, 8 та ДХШ асосидаги ва 342 та оилавий нодавлат) МТТлар ташкил этилиб, қўшимча 11 427 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинди. Инвестиция дастури асосида жами 113,2 млрд. сўмлик 25 та давлат МТТлари (4 та янги қурилиш ва 21 та реконструкция қилиш) ўз муддатларида фойдаланишга топширилди.
Мақолада “Оқдарё тумани “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1-давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиш бошлангани сабаб ёпилгани ҳақида ёзилган. Ушбу давлат мактабгача таълим ташкилоти таъмирдан сўнг, 2023 йилнинг 11 декабридан иш фаолиятини бошлаганлигини маълум қиламиз.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.