Самарқанддаги 379 мактаб учун туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 23,185 миллиард сўм маблағ ажратилади
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 1238 та умумий ўрта таълим муассасаларини 2020-2021 ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича жами туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 379 та мактаб учун 23,185 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Режага кўра:
- 124 та мактабда иситиш тизимини таъмирлаш;
- 57 та мактабда якка тартибда қозонлар сотиб олиш;
- 90 та мактабни жорий таъмирлаш (яроқсиз том қисми, эшик-дераза синган ойналарни алмаштириш, девор қисмини таъмирлаш ва ҳоказо) ишлари олиб бориш;
- 62 та мактабда ҳожатхона қуриш ва таъмирлаш;
- 7 та мактабни тоза ичимлик суви билан таъминлаш;
- 35 та мактаб атрофини тўсиқ девор билан ўраш;
- 2 та мактабга ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси ўрнатиш;
- 2 та мактаб филиалларини таъмирлаш кўзда тутилмоқда.
Вилоятдаги 1015 та умумий ўрта таълим муассасаларига 34 351 тонна кўмир маҳсулотлари (шундан, 25 488 тонна кўмир ва 8 863 тонна кўмир брикети) етказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, ҳомийлар ва бошқа манбалар ҳисобидан 52 та мактабда иситиш тизимини таъмирлаш ва қозон алмаштириш, 136 та мактабнинг ҳожатхоналарини таъмирлаш кўзда тутилган.