Самарқанддаги 40,4 минг кўча электрон харитага киритилди
“Географик объектларни номлаш тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига кўра, географик объектлар номини давлат рўйхатидан ўтказиш мақсадида давлат реестри юритилади.
Кадастр агентлиги географик объектларнинг номлари давлат рўйхатидан ўтказилишини қонунчиликда белгиланган тартибда географик объектлар номларининг давлат реестрига киритган ҳолда амалга оширади.
– Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссиясининг аъзоси ва ишчи органи сифатида Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилоят бошқармаси ҳам бу борада зарур чора-тадбирларни кўрмоқда, – дейди давлат кадастрлари палатасининг Самарқанд вилоят бошқармаси шуъба бошлиғи Ш.Пўлатов. – Хусусан, 2023 йил давомида бошқарма ва унинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан вилоятда мавжуд 1126 та маҳалладаги 40 минг 484 та кўча электрон хариталарда акс эттирилиб, белгиланган тартибда тоифалар (шохкўча, кўча, тор ва берк кўча)га ажратиб чиқилди. Йил якунига қадар ушбу кўчаларнинг 23759 таси “Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри”га киритилди. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан қолган кўчаларга ном бериш ҳамда давлат экспертизасидан ўтказган ҳолда халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан тасдиқлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Қонунга кўра, географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартиришни амалга оширувчи органлар географик объектларга ном берилганлиги ва уларнинг номлари ўзгартирилганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни географик объектлар номларининг давлат реестрига киритиш учун ўн кунлик муддатда Кадастр агентлигига тақдим этиши шарт.
2023 йилда вилоят бўйича 21 мингдан ортиқ географик объект номи давлат экспертизасидан ўтказиш ва давлат реестрига киритиш учун Кадастр агентлигига юборилган.