Самарқанддаги "Афросиёб" музейи кореялик мутахассислар ҳамкорлигида реставрация қилинди
2019 йилда Жанубий Корея Республикасининг Маданий мерос жамғармаси билан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ва Ўзбекистон Фанлар Академияси ўртасида “Ипак йўли маданий меросини тадқиқ этиш ва сақлаш”га доир меморандум имзоланган.
Лойиҳа “Ипак йўли” маданий меросининг сақланиши ва тадқиқ этилиши бўйича маълумот ҳамда кўникма алмашинуви, шу билан бирга, археологик тадқиқотлар орқали туризмни ривожлантириш, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган этнографик ва археологик топилмаларни реставрация ва консервация қилишга йўналтирилган.
Шу асосда Корея ҳукумати маданий мерос соҳасидаги ОДА (Official Development Assistance) лойиҳасини амалга ошириб, 2019-2021 йилларда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибидаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида замонавий консервация ва реставрация лабораториясини ўрнатган эди. Айни пайтда Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги, Жанубий Корея Маданий мерос жамғармаси ва соҳа мутахассислари ҳамкорлигида Самарқанд вилоятидаги тарихий обидаларни, хусусан, "Афросиёб" музейини асраб-авайлаш ва туризм марказига айлантириш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.
Жумладан, ОДА дастури асосида Жанубий Кореянинг Маданий мерос жамғармаси томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий туризм салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида "Афросиёб" музейининг реставрация ишлари учун 33 минг АҚШ долларга яқин маблағ ажратилди. Ушбу маблағга музейнинг биринчи қавати (исломгача бўлган давр Самарқанд тарихи) экспозицияси янгидан замонавий технологиялар билан жиҳозланди, кўргазмалар зали, видеозал ва йўлаклар янгиланди. Иккинчи қаватнинг шифти ва томи ҳам қайта таъмирланди.
Ҳозирги кунда музей экспозициясидаги экспонатлар сони 2000 дан зиёдни ташкил этади ва уларнинг сони ошириш, консервация ва реставрация қилиш ишлари давом этмоқда.
Маҳмудхон Юнусов, “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.