Самарқандда ўтган конгрессда қатор сенсацион топилмалар эълон қилинди
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган VII конгресси якунига етди.
Унда мамлакатимиз олимлари билан бирга Австрия, Россия, Эрон, Греция, Туркманистон, Туркия, Ҳиндистон ва Озарбайжон илм-фан вакиллари жаҳондаги ўзбек коллекциялари ҳақида сўз юритишди.
Конгрессда юртимизнинг маданий меросига оид бир қатор муҳим топилмалар тақдим қилинди.
Жумладан Улардан бири астрономияга оид «Зиж-и Рассад-и Самарқанд» қўлёзмаси бўлиб, ҳижрий 832, милодий 1428-29 йиларда номаълум нусха кўчирувчи томонидан ёзилган. Улуғбекнинг “Зиж-и Жадид-и Султоний” асаридан (милодий 1437 йилда ёзилган) олдин ёзилган ушбу қўлёзма Ҳиндистондаги “Рампур Разо” кутубхонаси фондида сақланар экан.
Конгрессда яна кўплаб шу каби Ўзбекистон маданий мероси учун муҳим бўлган қўлёзмалар, фотосуратлар, артефактлар тақдим қилинди.
Жумладан конгресснинг энг дииқтга сазовор яна бир воқеаси бу “Ошиқлар йиғини” деб номланувчи миниатюранинг топилганлиги ҳақидаги ахборот бўлди. Ушбу портрет асарида устоз ва шогирд анъаналари, шунингдек машҳур Шайх Ориф Озодий ва ёш Мирзо Улуғбек тасвирланган. Портретнинг орқа томонида Улуғбек ҳақидаги матн ҳам битилган. Тахмин қилинишича, миниатюра ХVII асрга мансуб.
Шунингдек, топилмалар орасида темурийлар даврига оид кумуш ва тилла билан қопланган иккита нафис буюм: ХV аср ўрталарига оид Ҳирот кўзаси ва Амир Темур томонидан 1396 йилда Аҳмад ибодатхонаси учун буюртма қилинган машҳур йирик мойли лампалар ёки шамдонлар ҳам бор. Булар орасида, айниқса, сўнгги темурийлар артефакти бўлмиш ХV асрга оид Ҳиротдан келтирилган нефрит косаси муҳим топилмалардан ҳисобланади. Али Қушчининг математикага оид “Рисола-и Қушчия” қўлёзмаси ҳам қимматли манбалардан дея эътироф этилди. Разо кутубхонаси фондида сақланаётган ушбу қўлланма муаллифнинг энг яхши асарларидан бири ҳисобланади.
Конгресс давомида Париждаги декоратив санъат музейи коллекциясида темурийларнинг энг гўзал миниатюраларидан бири бўлган Ҳумоюннинг боғдаги тасвирлари сақланаётганлиги ҳам маълум қилинди. Ушбу асар 1430 йилда Ҳиротда яратилган. Шунингдек, ушбу музейда маданиятимизга оид бир нечта нафис тўқимачилик буюмлари, иккита чопон, сўзана ҳамда Бухоро мактабига оид бир нечта миниатюраларни учратишимиз мумкин.
Бундан ташқари, Қоҳирадаги музейда Самарқандда зарб қилинган тангалар сақланаётганлиги ҳам маълум бўлди.