“ДАКА” МЧЖ 2,5 миллион АҚШ долларлик маҳсулотини экспорт қилмоқчи

O’zLiDeP вилоят кенгаши Самарқанд шаҳридаги “ДАКА” масъулияти чекланган жамиятида Президентимизнинг жорий йил 12 февралдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тарғиботига бағишланган очиқ мулоқот ташкил этди.

Тадбирда тадбиркорларга қарорга мувофиқ 1 апрелдан бошлаб тикув-трикотаж корхоналарига тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатларнинг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қопланиши, бунинг учун ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизи экспорт қилинган бўлиши лозимлигига доир тушунчалар берилди.

- 300 нафардан ортиқ иш ўринлари яратилган корхонамиз асосан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаради, - дейди “ДАКА” МЧЖ раҳбари Рустам Қаршибоев. - Маҳсулотларимизнинг 90 фоизидан ортиғи хорижга экспорт қилинмоқда. Ўтган йили 1 миллион 700 минг АҚШ доллари миқдорида экспортни амалга оширдик. Жорий йилда бу кўрсаткични 2,5 миллион АҚШ долларига етказмоқчимиз.

Шунингдек, мазкур қарорда белгиланган имкониятлардан фойдаланиб 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида банк кредити эвазига хориждан матога гул босиш ускунаси олиб келишни режалаштирдик. Бунинг натижасида 100 дан ортиқ иш ўринлари яратамиз.

Бахтигул ҚАРШИЕВА.