Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги даволаш марказига Германиядан мутахассислар келди

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва ушбу касалликка чалинган беморларни даволашда ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш мақсадида юртимизга ташриф буюрган Германиянинг Роберт Кох институти мутахассислари Самарқандда бўлди.

Германиялик тиббиёт ходимлари икки кун давомида Самарқанд шаҳрида ташкил этилган махсус даволаш ва тақсимлаш марказида бўлиб, коронавирус юқтирган беморларни даволаш жараёнлари билан танишди.

– Бугунги кунда COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш, қўлланилаётган даво муолажалари юзасидан немис мутахассислар билан ўзаро фикр алмашдик, – дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирашмаси бош врачи А.Бобожонов. – Айрим беморлар юзасидан биргаликда консилиум ўтказилди. Даволаш ишлари жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида амалга оширилаётгани эътироф этилди. Шунингдек, беморларни амбулатор ва стационар шароитда даволаш юзасидан тавсиялар билдирилди.

Икки кунлик ўрганиш натижалари асосида Роберт Кох институти вакиллари иштирокида Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва шифокорлар билан онлайн-семинар ўтказилиб, фикр алмашилди.

Маълум бўлишича, эндиликда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар фақат Самарқанд шаҳридаги махсус даволаш ва тақсимлаш марказида даволанади. Вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ташкил этилган бундай марказлар фаолияти тўхтатилди.