Самарқанддаги иссиқхонада бананнинг “Қироллик” нави етиштириляпти

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада инновацион технологиялар ва илмий ишланмаларга асосланиб, талаб юқори бўлган хорижий ўсимликларни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Самарқанд шаҳридаги “Самарқанд гроуп” МЧЖга қарашли 70 сотих майдонда барпо этилган банан плантацияси билан танишди. Мазкур иссиқхонада маҳаллий иқлимга мослаштирилган бананнинг “Қироллик” (“Королевский”) нави парваришланмоқда.

Плантацияда тропик экинларни иссиқхона шароитида маҳаллий иқлимга мослаштириш бўйича илғор агротехнологиялар жорий этилган. Замонавий парвариш тизими, ҳарорат ва намликни автоматик бошқариш, ўсимликларни озиқлантиришнинг илмий асосланган усуллари ҳосилдорликнинг юқори бўлишини таъминламоқда.

И.Абдураҳмонов плантацияни кўздан кечириш жараёнида иссиқхона хўжалигини кенгайтириш, ресурс тежамкор технологияларни қўллаш, шунингдек, ўсимликларни озиқлантиришда суякдан тайёрланган органик ўғитлардан самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар берди. Бундай инновацион лойиҳалар импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар етиштириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Замонавий иссиқхоналар нафақат йил давомида барқарор ҳосил олиш имконини беради, балки сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва юқори қўшимган қиймат яратишга хизмат қилади.