Самарқанддаги коронавирусга чалинган ҳомиладор ва ёш болали беморлар даволанаётган муассаса 5 февралдан ёпилади

Бу ҳақда Самарқанд вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш мақсадида ўтказилган матбуот анжуманида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов маълум қилди.

– Бугунги кунда вилоятимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш учун 440 ўринли иккита даволаш-профилактика муассасасидан фойдаланилмоқда, – деди Д.Жуманиёзов. – Ушбу шифохоналарда ҳозирда 121 нафар бемор даволанмоқда. Кейинги кунларда касаллик бироз камайди. Инфекция аниқланган беморларнинг асосий қисми касаллик енгил формада ўтаётгани сабабли уй шароитида дори-дармон қабул қилиб, соғлиғини тикламоқда. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, ковид юқтирган ҳомиладор ва ёш болали аёлларни Самарқанд шаҳридаги 3-туғруқ мажмуасида даволаш йўлга қўйилди. Шу кеча-кундузда бу ерда ҳам касаллар камайди. Шу сабабли 5 февралдан эътиборан, туғруқ мажмуасида ташкил этилган махсус шифохона фаолияти тўхтатилади. Коронавирусга чалинган беморлар Самарқанд шаҳар "Ватанпарвар" маҳалласидаги махсус шифохонада даволанадилар.