Самарқанддаги кутубхонада қарийб 5 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда
Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона марказида “UZ PRO BULDING” масъулияти чекланган жамияти томонидан мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишларнинг лойиҳа қиймати 4 миллиард 962,2 миллион сўмни ташкил қилади.
Бугунги кунда қурувчилар бинонинг фасад қисмига замонавий пишиқ ғишт термоқда. Маънан эскирган дераза ва ромлар тўлиқ янгиланмоқда. Муассаса хизматидан фойдаланганлар яхши билади – бинонинг поли қарийб яроқсиз аҳволда эди. Айни пайтда нафақат пол, шу билан бирга хоналарнинг шифти ҳам янгича қиёфага келтириляпти.
Ахборот-кутубхона марказининг ҳаво айланиш тизими (вентиляция) тўлиқ янгиланиб, замонавий жиҳозлар ўрнатилмоқда. Бу билан зиё масканидаги 633 мингдан зиёд ўқув ва бадиий адабиётларни сифатли сақлаш имконияти яратилади. Бундан ташқари, электр симлари янгиланиб, бугунги кун талабларига жавоб берадиган сантехника воситалари ўрнатилмоқда.
Реконструкция ишлари натижасида барча қулайликларга эга маъмурият хоналари, 5 та ўқув заллари ташкил қилинади. Йил якунигача бу ерда 1 та хорижий тиллар, 1 та болалар зали фойдаланишга топширилади. Электрон адабиётлардан фойдаланиш учун 1 компьютер зали ҳамда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун 1 та фаоллар зали ҳам тайёрланмоқда.
Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ,вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси директори.