Самарқанддаги маҳаллаларда 1 майдан маҳалла оқсоқоли сайлови бошланади
Самарқанд вилояти матбуот уйида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган брифинг ўтказилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси Н.Раббимова жараён ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, бу йилги сайловда вилоят бўйича 1094 маҳаллага раис сайланади.
Айни пайтда маҳаллаларда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган ишлар амалга оширилмоқда. Барча маҳаллаларда раисликка номзодлар кўрсатилди. Ҳар бир ўринга ўртача уч номзод тўғри келмоқда. Шунингдек, сайловда иштирок этадиган 294 минг нафардан ортиқ вакиллар рўйхати шакллантирилиб, тасдиқланди.
Қонунчилигимиздаги янгиликларга кўра, бу йилги сайлов аввалгилардан бир қатор фарқли жиҳатлари билан ажралиб туради. Аввало, сайловда иштирок этувчи вакиллар сони сезиларли даражада кўпайган. Овоз бериш олдинги сингари очиқ усулда эмас, ёпиқ овоз бериш тарзида ўтади ва сайловчилар бюллетень тўлдиради. Шу сабабли сайловни каттароқ, аҳоли учун ҳар томонлама қулай жойларда ўтказиш белгиланди. Бунинг учун асосан, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари танланди. Бу масканларда 5470 та сайлов кабиналари, 1094 та овоз бериш қутилари (урналар) етказиб берилди. Бинолар сайловга оид тарғибот материаллари билан таъминланди.
Аҳолининг сайловдан хабардорлиги ва жараён ҳақидаги тушунчасини ошириш мақсадида вилоят кўмаклашувчи комиссия аъзолари, адлия бўлимлари ходимлари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида маҳалла фуқаролар йиғинларида давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилмоқда. Сайловни ташкил этиш бўйича видеоролик ишлаб чиқилиб, тарғибот тадбирларида ҳамда вилоят телерадиокомпанияси теле ва радио каналларида эфирга узатилмоқда.
Вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинларида жорий йилнинг 1 май кунидан сайловлар бошланади.