Самарқанддаги Қорасув массивида 18 та кўп қаватли замонавий уйлар фойдаланишга топширилди

Эътиборлиси, вилоят ҳокимлиги томонидан ўта муҳтож 26 та оилага хонадонлар калити бепул тақдим этилди. Яна 14 хонадон муҳтож оилаларга берилиши режалаштирилган.

- Ўн беш йилдан буён уйсизман, - дейди Насиба Улуғмуродова. - Қийналганимдан болаларимни меҳрибонлик уйига топширишга мажбур бўлганман. Мана, бугун вилоят ҳокимлиги бизга икки хоналик уй берди. Миннатдорлигимни сўз билан ифодалаб бера олмайман.

Туркия технологияси асосида барпо этилган замонавий уйлар 9 балли зилзилага бардош бера олади. Ҳар бир хонадонда замонавий иситиш мосламаси, газ ускунаси, ошхона мебели бўлиб, уйлар яшаш учун тайёр ҳолда топширилмоқда.

"AGROMIR BULDINGS" МЧЖ томонидан қурилаётган ушбу замонавий хусусий уйлар лойиҳаси 47 бинодан иборат бўлиб, қолганлари жорий йилнинг июнь ойигача топширилиши режалаштирилган. Ҳар бир бино қурилишига 8 миллиард сўм маблағ сарфланган. Тадбирда илғор қурувчилар ҳам тақдирланди.

- Бу шаҳарчада 100 минг ўринли хонадон қурилади, - деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. - Бугун шаҳарчада мингта хонадон эгаларига топширилади. Келгусида 24 қаватли уйлар ҳам қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, автомашиналар учун махсус тўхташ жойлари қурилади. Яна 1670 ўринли мактаб қурилиши бошланди. Ушбу муассаса жорий йил сентябрь ойида ишга тушади.

Тантанали очилиш маросимида таниқли хонандалар Ҳосила Раҳимова, Алишер Файз, Мардон Мавлоновларнинг куй-қўшиқлари йиғилганларга бир олам завқ улашди. Шунингдек, халқимизнинг севимли қизиқчиси Валижон Шамсиевнинг чиқишлари тадбир қатнашчиларига манзур бўлди.