Самарқанддаги қурилиш ишлари билан шуғулланаётган корхонада ишчилар учун етарли шароитлар яратилмаганлиги аниқланди

“Ишонч” газетасида “Қурувчи манфаати кимнинг ҳимоясида” мавзусида мақола эълон қилинди. Унда Самарқанд шаҳрида қурилиш ишлари билан шуғулланаётган “Маlaxit Pulys” МЧЖда меҳнат муҳофазасига риоя этилмаётгани, ишчилар махсус кийимлар билан таъминланмагани ва улар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароити яратилмагани баён этилган.

Мазкур масала юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари ўрганиш олиб борди, деб хабар берди Меҳнат вазирлиги матбуот котиби.

Ўрганишларга кўра, корхонада техника хавфсизлиги мутахассиси лавозими мавжуд эмаслиги, ходимлар жамоавий ва шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийим билан таъминланмагани, ходимлар “Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ходимларни ўқитиш ва билимларини текшириш тўғрисида”ги низом билан таништирилмагани ҳамда суғурта қилинмагани аниқланди.

Мавжуд камчиликларни 10 кун ичида тузатиш юзасидан корхона раҳбарига талабнома киритилди.

"Кўрсатманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади", дейилган хабарда.