Самарқанддан 362 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди
Кейинги йилларда божхона тизимида азалий анъана ва замонавий тажриба асосида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига кенг имконият ва катта қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, биргина 2019 йилда вилоят божхона бошқармаси томонидан 880 миллиард сўмдан зиёд божхона тўловлари ундирилиб, давлат бюджетига ўтказилди.
Товарлар экспорти ва импортини амалга ошириш жараёнида 52 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари расмийлаштирилган. Натижада, 2019 йилда Самарқанд вилоятидан 362 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар хорижга экспорт қилиниб, 2018 йилга нисабан бу кўрсаткич 28 фоизга ошган.
Муҳими, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар доирасида корхоналарга божхона тўловларидан 2,9 триллион сўмлик имтиёзлар қўлланилди. Шунинг ўзиёқ тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни қай даражада рағбатлантирилаётганини кўрсатиб турибди.
Айни пайтда биргина “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида импорт расмийлаштируви учун ўртача 2 соат, экспорт расмийлаштирувига эса 36 дақиқа сарфланаётгани ҳам бу фикрнинг яна бир исботидир.
Умуман, Паст Дарғом туманидаги Улуғбек логистика маркази ҳамда бу ердаги “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали ўтган йилда 87 миллион АҚШ долларидан зиёд қийматдаги товарларнинг экспорти амалга оширилди.
Постда божхона юк декларацияларининг 26,2 фоизи хавфни бошқариш тизимида “яшил” йўлак орқали, 37,9 фоизи эса “сариқ” йўлак орқали расмийлаштирилганини инобатга олсак, қонун талабларига оғишмай амал қилаётган тадбиркорлар учун барча қулайликлар яратилганининг гувоҳи бўлиш мумкин.
2019 йилда божхона соҳасининг муҳим жиҳатлари, қонунчиликдаги янгиликлар, божхона қонунбузилиши юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали жами мингдан зиёд чиқишлар қилинган.
Шунга қарамасдан, турли қонунбузилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Жумладан, ташкил этилган амалий чора-тадбирлар натижасида вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан 996 та божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган. Улар бўйича 16,89 миллиард сўмлик товар моддий бойликлар ушлаб қолинган.
Аниқланган 32 та ҳолат бўйича жиноят кодекснинг турли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида жами 1127 та тадбирлар ташкил этилган.
Аслида вилоят божхона бошқармасига қарашли божхона постлари томонидан 2019 йилда Давлат чегараси орқали ҳаракатланган 42 120 та енгил автотранспорт воситаси, 1872 та юк автомашинаси, 280 та автобус, 14693 та темир йўл вагонлари ва 2957 авиатранспортлар божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.