Самарқанддан Краснодарга амалга оширилиши керак бўлган махсус (чартер) авиақатновининг кечиктирилганлигига изоҳ берилди

Кеча, 22 июнь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд халқаро аэропортидан Россиянинг “AZUR air” авиакомпанияси Краснодар шаҳрига амалга ошириши керак бўлган махсус (чартер) авиақатнов кечиктирилганлиги ҳамда 300 нафардан ортиқ йўловчи овора бўлаётганлиги айтилган видеолавҳа тарқалди.

“Samarqand xalqaro aeroporti” МЧЖ маъмурияти ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳақиқатан ҳам жорий йилнинг 22 июнь куни эрталаб соат 9:00 да Самарқанд халқаро аэропорти орқали Россиянинг Краснодар шаҳрига махсус (чартер) авиақатнов амалга оширилиши белгиланган. Мазкур қатновда 231 нафар йўловчи учиб кетиши керак эди. Бироқ “AZUR air” авиакомпанияси томонидан кун давомида авиақатнов вақти бир неча маротаба ортга сурилган. Бунинг сабаби ҳақида ҳали расмий маълумот берилгани йўқ.

Бу вақт давомида аэропорт ходимлари қатновни кутиб қолган йўловчиларга аэровокзалда мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда хизмат кўрсатишда давом этган. Ўз навбатида “AZUR air” авиакомпанияси ҳам уларга тушлик ҳамда кечки овқатни ташкиллаштириб берган.

“Самарқанд - Краснодар” йўналишидаги махсус авиақатнов кечки соат 02:11да амалга оширилди. Қатновга барча йўловчилар чиқарилган, рўйхатдан ўтиш ҳамда чегара назоратида муаммоли ҳолат кузатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, “Samarqand xalqaro aeroporti” МЧЖ самолёт ҳамда йўловчиларга барча зарур хизматларни тақдим этди. Авиақатновларни қолдириш ёки вақтини кўчириш жамият ваколатига кирмайди.