Самарқандга 10 та янги автобус олиб келинди
2024 йилда Самарқанд шаҳри аҳолисига кўрсатилаётган жамоат транспорти хизматини яхшилаш мақсадида «Дилшод транс сервис» МЧЖ Хитой давлатининг CRRC компанияси билан тузилган шартномага асосан 10 та янги замонавий автобус олиб келди.
Бугунги кунда корхона ихтиёридаги 20 та «Исузу» автобуслари шаҳарнинг 8, 74-йўналишларида йўловчиларга хизмат қилиб келмоқда. Айни кунда корхона мутахассислари янги автобусларни техник назоратдан ўтказиб, белгиланган йўналишга чиқаришга тайёрламоқда.
- Кўп йилдан буён жамоат транспортида йўловчиларга хизмат қилиб келяпман, - дейди «Дилшод транс сервис» МЧЖ раҳбари Асатилло Аҳмедов. – Айни вақтда 20 та автобус аҳолига хизмат қилмоқда. Келгуси йилда яна 25 та худди шундай автобуслар олиб келамиз.
Янги жамоат транспортлари 65 йўловчига мўлжалланган бўлиб, кондиционер билан жиҳозланган. Шунингдек, ҳар бир ўриндиқда USB-порт ўрнатилган. Энди йўловчилар ўз манзилига етиб олгунича телефон, планшет ва ноутбукларини ҳам қувватлантириб олишлари мумкин.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.